Get Mystery Box with random crypto!

“Очиқлик индекси” бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилишида | AOKA - Rasmiy kanali

“Очиқлик индекси” бўйича комиссиясининг навбатдаги йиғилишида 2022 йил якунлари бўйича натижалар эълон қилинди

Бугун Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2022 йил якунларига кўра, давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар атрофлича муҳокама қилиниб, якуний натижалар эълон қилинди.

86 та вазирлик, идора ва ташкилотнинг 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида кўрсаткичлари кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz плафтформасига очиқ жойлаштирилди.

Натижаларга кўра 15 та давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил” (71-100 балл), 44 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 27 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичлари билан баҳоланган.

Эслатиб ўтамиз, Коррупцияга қарши курашиш, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентликлари, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги мутахассислари, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда ННТлар вакиллари Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилувчи коллегиал орган ҳисобланади.

Комиссия йиғилишида, шунингдек, сўнгги йилларда очиқликни таъминлаш борасида эришилган ютуқлар, “Очиқлик индекси”ни баҳолаш жараёнларининг ташкил этилишига оид чора-тадбирлар, баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши, шу жумладан 2023 йилда очиқликни таъминлашга масъул ходимларни ўқитиш хусусида ҳам фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир якунида бир қатор масъул ходимлар ҳамда соҳани ёритишда алоҳида фаоллик кўрсатган журналистлардан бир гуруҳи ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Telegram | Youtube | Facebook | Instagram | Медиабанк | Сайт