Get Mystery Box with random crypto!

Масжид одоблари 'Масжид' сўзи луғатда 'сажда жойи, макони' ма | 🕌"Қорабоғ" жоме масжиди | Расмий канал

Масжид одоблари

"Масжид" сўзи луғатда "сажда жойи, макони" маъносини англатади. Уламолар истилоҳида эса беш вақт намоз адо этиладиган макон масжиддир.
Масжидларни эҳтиром юзасидан "байтуллоҳ" - Аллоҳнинг уйи дейилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда масжидларни Ўз Зоти олийсига нисбат берган.
Аллоҳ таоло Жин сурасида марҳамат қилади:
"Ва албатта, масжидлар Аллоҳникидир. Бас, Аллоҳдан бошқага дуо қилманг" (18-оят).
Ер юзида энг олдин қурилган масжид Маккаи мукаррамадаги Масжидул Ҳаромдир.
Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасида марҳамат қилади:
"Албатта, одамлар учун қўйилган биринчи уй - Баккадаги муборак ва оламларга ҳидоят қилинган(уй)дир" (96-оят).
Байтуллоҳ қиёмат қоим бўлгунича, ер юзидаги масжидларнинг энг шарафлисидир.
Масжид қуриш ва уни обод қилиш.
Масжид қуриш дунёдаги энг шарафли ва савобли ишлардан бири ҳисобланади.
Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг "Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради", деганларини эшитганман".
Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.
Бошқа бир ривоятда:
"Жаннатда бир уй", дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Аллоҳга энг маҳбуб маконлар масжидлардир. Аллоҳнинг энг кўп ғазабига учраган маконлар бозорлардир", дедилар",
Муслим ривоят қилган.
Одатда масжидларда Аллоҳга ибодат қилинади, тиловату зикр, ваъз-насиҳатлар бўлади, илм ўрганилади. Мусулмонларнинг ахлоқ-одоби, тарбияси, руҳий-маънавий ҳолатини яхшилаш чоралари кўрилади. Умуман, масжидда икки дунё фойдасига оид ишлар бўлади.
Шунинг учун ҳам масжидлар Аллоҳ таоло энг яхши кўрган масканлардир. Шунинг учун ҳам масжид Аллоҳнинг уйи дейилади. Ҳар бир нарсанинг шарафи унинг эгаси шарафига қараб бўлади. Аллоҳнинг уйи бўлишдан ортиқ шараф бўлиши мумкинми?!
Ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло қуйидагиларни айтади: "Еримдаги уйларим масжидлардир. Ундаги Менинг зиёратчиларим масжидларни обод қилувчилардир. Бас, ўз уйида таҳорат қилиб, Мени Ўз уйимда зиёрат қилган бандага хушҳоллик бўлсин. Зиёрат қилинганнинг зиёрат қилувчини икром этиши ҳақдир".
Аллоҳ таоло Тавба сурасида марҳамат қилади:
"Албатта, Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирганлар, намозни тўкис адо этганлар, закот берганлар ва Аллоҳдан бошқадан кўрмаганларгина обод қилурлар. Ажаб эмаски, ана ўшалар ҳидоят топувчилардан бўлсалар" (18-оят).
Аллоҳнинг масжидларини обод қилиш фазилатли ишдир. Бу ишга ҳақиқий мўмин-мусулмонларгина ҳаракат қиладилар. Масжидларнинг ободлиги ҳақида сўз борганда, аввало маънавий ободлик, кейин моддий ободлик назарда тутилади. Маънавий ободлик-масжидларда намоз ўқиш, илм ўрганиш, тиловат ва зикр билан машғул бўлишдир. Моддий ободлик эса масжидларни қуриш, ислоҳ қилиш, керакли жиҳозлар билан таъминлаш ва покиза тутиш каби ишларни ўз ичига олади.
Ушбу ишларнинг барчасини эса Аллоҳга ва охират кунига ҳақиқий иймони бор, Аллоҳнинг амрига таслим бўлган, намозини вақтида ўқиган, закотини жойида бериб юрган тақводорлар ҳамда фақат Аллоҳ таолонинг Ўзидангина қўрқиб, бошқадан қўрқмайдиган кишиларгина қилади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
"Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
"Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз, сайил қилинг", дедилар. Мен:
"Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?" дедим. У зот:
"Масжидлар", дедилар.
"Сайил нимадир, Эй Аллоҳнинг Расули?"дедим.
"Субҳаналлоҳи вал ҳамду лиллаҳи ва ла илаҳа иллалоҳу валлоҳу акбар", дедилар"
Термизий ривоят қилган.
Демак, ким ёруғ дунёда масжидга кирса, жаннат боғига кирган бўлади. Ким масжидга кириб, юқоридаги зикрни қилса, жаннат боғида сайил қилган бўлади.

"Ижтимоий одоблар" китобидан.

Дўстларингизга ҳам улашинг
➥ T.me/+yICj7y5gZWQ0OTky