Get Mystery Box with random crypto!

СИНГАН ИДИШНИ ТАШЛАБ ЮБОРИШ КЕРАКМИ? #ҳалол_ҳаром 1068-CАВОЛ | Andijon namoz vaqtlari 🕟 | taqvim.uz

СИНГАН ИДИШНИ ТАШЛАБ ЮБОРИШ КЕРАКМИ?
#ҳалол_ҳаром

1068-CАВОЛ: Чети учган, синган идишларни ташлаб юбориш керак деб эшитдим. Буни қандай тушуниш керак?

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим.
Чети учган, синган идишлар борасидаги гапларни бу ҳақда келган ҳадисларни ўрганиш орқали тўғри тушунишимиз мумкин.

"عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ، أَنَّهُ قَالَ: «نَهَى رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ عَنِ الشُّرْبِ مِنْ ثُلْمَةِ الْقَدَحِ، وَأَنْ يُنْفَخَ فِي الشَّرَابِ» سنن أبي داود

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу: “Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам идишни синиқ жойидан ичишдан ва ичимликка пуфлашдан қайтардилар”, деди (Имом Абу Довуд ривоятлари).

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ أَنَّ قَدَحَ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ انْكَسَرَ، فَاتَّخَذَ مَكَانَ الشَّعْبِ سِلْسِلَةً مِنْ فِضَّةٍ. قَالَ عَاصِمٌ: رَأَيْتُ الْقَدَحَ وَشَرِبْتُ فِيهِ" (صحیح البخاري).

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг идишлари синди. Сўнг синган жойини кумуш билан улаб олдилар”, деди. Осим (ҳадис ровийларидан бири): “Мен шу идишни кўрдим ва ундан сув ичдим”, деди (Имом Бухорий ривояти).

عن أبي سعيد -رضي الله تعالى عنه - (قال: نهى رسول الله صلى الله عليه وسلم عن الشرب من ثلمة القدح): بضم المثلثة وسكون اللام هي موضع الكسر منه. قال الخطابي: إنما نهى عن الشرب من ثلمة القدح؛ لأنها لاتتماسك عليها شفة الشارب، فإنه إذا شرب منها ينصب الماء ويسيل على وجهه وثوبه. زاد ابن الملك: أو لأن موضعها لايناله التنظيف التام عند غسل الإناء، (وأن ينفخ) : بصيغة المجهول أي وعن النفخ (في الشراب. رواه أبو داود). وكذا أحمد والحاكم".

Абу Саъид Худрий разияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда у зот айтдилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам идишни синган жойидан ичишдан қайтардилар”. Хаттобий айтадилар: “Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтаришларини сабаби, ичувчининг лаби яхши ўрнашмаганлиги сабаб юзига, кийимига сув тўкилади”, дедилар. Ибнул Малак қўшимча қилиб: “Ёки идишни ювиш пайтида ўша синиқ жойи яхши ювилмай қолиши, натижада идиш тўлиқ тоза бўлмай қолиши”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). (“Мирқотул Мафотиҳ” китоби, 7 жилд).

Демак, агар идиш пиёла, стакан бўлиб, унинг чети учган бўлса айнан ўша жойига оғиз қўйиб ичишдан Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарганлар. Бунинг сабаби сифатида Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматга мушфиқликлари ва меҳрибонликларини кўришимиз мумкин бўлади. Чунки, идишнинг синиқ жойидан ичиш билан инсоннинг лабига озор етиши ёки ўша жойдан кийимга, баданга сув тўкилиши мумкин. Қолаверса идишнинг синиқ жойи яхши тозаланмай бугунги тил билан айтганда турли микроблар тўпланиб қолган бўлиши ва келгусида турли касалликларга сабаб бўлиши мумкин. Ана шундай сабабларга кўра Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам умматни синиқ идишлардан фойдаланмасикка чақирганлар. Юқоридаги ҳадислардан қуйидагиларни тушунамиз:
1. Пиёла ёки стаканларни синмаган жойидан ичса макруҳ бўлмайди.
2. Агар чойнак, коса каби тўғридан тўғри оғиз билан эмас, балки билвосита фойдаланадиган идишлар бўлса, макруҳ бўлмайди.
3. Агар ўша синиқ идишдан бошқа идиш бўлмаса, ундан фойдаланиш жоиз.
4. Агар синиқ идишлар таъмирланса, улардан фойдаланиш кароҳиятсиз жоиз.
5. Ҳадиси шарифдаги синиқ идишдан фойдаланмасликдан бўлган қайтариқ ножоизликни эмас, балки юқорида зикр қилиб ўтилган сабаблар туфайли хуш кўрилмаган иш эканлигини тушунамиз. Шунинг учун узрли ҳолларда ёки мажбурий ҳолларда синиқ идишлардан фойдаланишликни зарари йўқ. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

@andijon_namoz