Get Mystery Box with random crypto!

Масжиду Набавий ёнидаги “Zamzam Pullman” меҳмонхонаси ҳожилар | Andijon namoz vaqtlari 🕟 | taqvim.uz

Масжиду Набавий ёнидаги “Zamzam Pullman” меҳмонхонаси ҳожилар хизматида бўлади

Аввал хабар берганимиздек, Ҳаж мавсуми жорий йилнинг 4 июнь кунидан бошланади. Шу боис, зиёратчиларимизни кузатишга тайёргарлик, Саудия Арабистонидаги меҳмонхоналар шароити ва ташкилий ишлар ҳақида маълумот бериб бормоқдамиз.

Ўзбекистон ҳаж ишчи гуруҳи бир неча кундан буён Макка ва Мадина шаҳарларида зиёратчиларни кутиб олишга жиддий ҳозирлик кўрмоқда. Юртдошларимизни намунали кутиб олиш мақсадида, Мадина халқаро аэропорти билан боғлиқ ташкилий ва ҳужжат ишлари якунига етди.

Бу йил Мадина шаҳридаги беш юлдузли “Zamzam Pullman” замонавий меҳмонхонаси ўзбекистонлик ҳожилар хизматида бўлади. Ушбу меҳмонхона Масжиди Набавийнинг ёнида жойлашган бўлиб, зиёратчиларимиз беш маҳал намозни ушбу масжидда адо этиш ва бир неча бор Равзаи шарифга кириш имконига эга бўладилар.

Ишчи гуруҳ томонидан ушбу меҳмонхонанинг ҳар бир хонасида озода чойшаблар солингани, ювиниш хонасида барча шароитлар ҳозирлангани, шахсий гигиена воситалари мавжудлиги, совуткич, музлаткич созлиги кўздан кечирилди. Шунингдек, қибла кўрсаткичи, жойнамоз, Қуръони карим ва телевизор билан жиҳозланганлигига ҳам эътибор қилинди. Шунингдек, ҳожиларга хизмат кўрсатадиган ошхона-ресторанда ҳам зарур ўринлар ва барча қулайликлар шай ҳолатга келтирилган.

Меҳмонхонада тиббий марказ ва Ўзбекистон ишчи гуруҳи штаби ташкил этилган бўлиб, шифокор ва масъуллар 24 соат давомида барча турдаги мурожаатларни тинглайди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Muslim.uz | https://taplink.cc/muslimuz
@muslimuzportal | @mp3muslim | @diniysavollar