Get Mystery Box with random crypto!

Туман ҳокимлари Спаркка, вилоят ҳокимлари Нексия-3 ё Кобальтга | ALTRUIST

Туман ҳокимлари Спаркка, вилоят ҳокимлари Нексия-3 ё Кобальтга, вазирлар Ласеттига ўтса нима бўлади?

Эсингизда бўлса, импорт автолар учун аждарҳоча импорт тарифлари ўрнатиш масаласида Ўзбекистон ҳукумати ва ўзини вазирлик ўлароқ кўрадиган Ўзавтосаноатнинг манфаатлари узвийлашиб кетгани ҳақида ёзгандим.

Кейинги кунларда, айниқса суд жараёнлари ва унинг атрофидаги машмашалардан кўринмоқдаки, Ўзбекистон ҳукумати Ўзавтосаноатнинг монопол манфаатларини ҳимоялашда собит ва мустаҳкам.

Импортни 2-3 карра бож билан чеклаб, халққа ҳеч бир танловсиз Ўзавтомоторс автомашиналарини раво кўрганлар нега ўзлари хорижнинг қиммат автомашиналаридан фойдаланадилар, ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Нега энди Ҳукуматимиз ва маҳаллий ҳокимиятлар ўзлари Ўзавтосаноат ва унинг боласи Ўзавтомоторс ишлаб чиқарадиган автомашиналардан узоқроқда бўлишни истайдилар? Ўзавтомоторс машиналари сифатсизми ё ўнғайсизми ёки тез бузиладими? Ахир ўзларингиз айнан шу машиналарни халқингизга раво кўраяпсизку!

Нега масалан, миллийлик ҳақида шунча қайғураётган Маданият вазири немисларнинг Мерседесидан эмас, оддийгина Ласеттидан, Андижон вилоят ҳокими 800 миллион сўмлик АҚШдан импорт қилинган Tahoeдан эмас, Асакадан чиқаётган оддийгина Нексия-3дан фойдаланмайди?

Ёки интернетни очсангиз аҳолиси қашшоқлик ва дардлардан азоб чекаётган, даволаниш ва операция учун халқдан пул йиғадиган Поп ва Учқўрғон тумани ҳокимлари Таиланддан импорт қилинадиган 400 миллион сўмлик Chevrolet Trailblazerда юриши керак? Бу ҳокимларга Спарк тешиб чиқадими? Ё Спаркда юрса, Поп ва Учқўрғоннинг абжағи чиқиб кетган йўллари ҳокимларнинг нозик жойларига азоб берадими?

Ҳурматли ҳукуматимиз ва маҳаллий ҳокимият эгаларига собит бўлса охиригача собит бўлиш, қарор ва ҳаракатларда узвий бўлиш қандай ярашади, бир тасаввур қилиб кўринг.

Энди савол:
Хизмат фаолиятини амалга оширишда туман ҳокимлари Спаркка, вилоят ҳокимлари вазнига қараб Нексия-3 ё Кобальтга, вазирлар Ласеттига ўтса нима бўлади?

Олдиндан айтай: Зўр бўлади. Ҳаммага.
Бюджет миллиардларни тежаб қолади. Ўзавтомоторс сифатлироқ ва арзонроқ машина ишлаб чиқаришга мажбурроқ бўлади. Халқ ўзини чиновниклар билан тенглигини кўради, рўпара келаётган қийинчиликларга сабр-тоқатда янаям бардавом бўлади. Бутун дунё туриб қарсак чалади, қашшоқ халқи билан бирга жафо чекишга тайёр ўзбек чиновникларининг самимийлигига ниҳоят ишонч пайдо бўлади.

@the_bakiroo