Get Mystery Box with random crypto!

​ Атопик дерматитни даволашда дори-дармон терапиясининг ўзи ет | Аллергология Андижон

Атопик дерматитни даволашда дори-дармон терапиясининг ўзи етарли эмас

(Давоми)

Ўзбошимчалик билан қўлланиладиган тиббий муолажалар оғир асоратларни келтириб чиқариши маълум. Оқибатда бемор тезроқ соғайиш ўрнига, аҳволи янада оғирлашиб, ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.

Хусусан, болаларда кўп учрайдиган атопик дерматитни даволашда ҳам шифокор тавсиясисиз турли дори-дармонларни қабул қилиш тақиқланади.

Республика ихтисослаштирилган дерматология, венерология ва косметология илмий-амалий маркази тадқиқотчиси Гулмира Разикова бу борадаги тавсиялари билан ўртоқлашди.

— Атопик дерматитни даволашда дори-дармон терапиясининг ўзи етарли эмас, — дейди мутахассис. — Аввало, соғлом турмуш тарзига қатъий амал қилиш лозим. Овқатланиш рациони ва тери парвариши ҳам бу жараёнда катта аҳамият касб этади.

Муолажа схемаси тошмаларни камайтириш, бактериал асоратларнинг олдини олиш, аллергенларга юқори сезувчанликни заифлаштиришга қаратилган.

Бунинг учун шифокор тавсияси асосида антигистаминлар, яллиғланишга қарши ва антибактериал препаратлар, седативлар, витамин ҳамда минерал комплекслар, аллергияга қарши компонентлар қўлланилиши мумкин.

Қолаверса, касалликни даволашда парҳез терапияси ҳал қилувчи ўрин тутади. Бола таомномасидан аллергия қўзғатувчи маҳсулотларни чиқариш беморнинг тезроқ соғайишига хизмат қилади.

Бундан ташқари, атопик дерматитни даволашда интенсив намловчи ёки енгил қуритувчи таъсирга эга турли кремлар ва малҳамлардан ҳам фаол фойдаланилади.

Бу касаллик муолажасида ота-оналарнинг ёрдами ҳам катта роль ўйнайди. Масалан, бемор хонасида намлик даражаси камида 50 фоиз бўлиши, ҳарорат эса +22 даражадан ошмаслиги лозим.

Кичкинтойлар териси парваришида косметик воситалардан минимал миқдорда фойдаланиш тавсия этилади. Чунки улар танада қичишиш белгиларини кучайтириб, терининг қуруқлашиши ёки аксинча меъёридан кўп намланишига сабаб бўлади.

Aтопик дерматитдан азият чекадиганлар териси ташқи таъсирларга жуда сезгирдир. Бундай инсонларга тез-тез сув билан контакт қилиш тавсия этилмайди.

Ювинаётганда махсус юмшатувчи ва намлантирувчи воситалардан фойдалиш керак, мочалка ишлатиш мумкин эмас.

Иложи борича, тоза пахтадан тайёрланган кийимлар кийиш зарур. Юнгли, синтетик ва қаттиқ толали матолардан эса сақланиш лозим.

Шунингдек, атопик дерматити бор беморлар хонадонида чанг тўплайдиган буюм ва жиҳозлар сақланмаслиги муҳим. Кийимлар ёпиқ жойда туриши ва доимий тарзда чангюткичдан фойдаланиш керак.

Муолажа жараёнида эса ўзбошимчалик билан гормонал дорилар, антибиотиклар ва бошқа препаратларни қабул қилиш оғир оқибатларни келтириб чиқаришини унутмаслик зарур.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Матбуот хизмати.

@ssvuz|@ssvmatbuotkotibi |Facebook | Instagram