Get Mystery Box with random crypto!

Сафардаман, Туркиядаги сайловларни имкон борича кузатдим, турл | Allaev Uz (16 )

Сафардаман, Туркиядаги сайловларни имкон борича кузатдим, турли хил эксперт ва фикрларни ўқидим. Сайловлар 2 турга ўтганлигининг ўзи демократиянинг ютуғидир. Автократлар ўз ҳокимиятига соя соладиган ҳар қандай рақобатдан хавфсирайди. Халқнинг ярми унга қаршилигини айтди. Автократия мутлақ авторитет устига қурилади, худди диктатура каби. Қаттиқ автократияларда 20 фоиз одам қўлламаслиги ҳам оғриқли қабул қилинади. Шу учун одатда овоз тўплаши эҳтимоли бор ҳар қандай одам сайловлар узоқ тутилади. Кеча 22 йилдан бери ҳокимиятда турган одам 50 фоиз овоз йўқотди. Сайловлар мутлақ авторитетга зарба бўлди. Энди у ҳатто ўз сайловчиси олдида ҳам ютқазиши мумкин бўлган сиёсатчи.

Энди бизнинг аксар диндошларимизни хавотирга солаётган масалага тўхталаман. Ўзимизда кўпчилик Туркияда Исломнинг ўрни бўйича хавотир билдирмоқда. Гўёки Қиличдорўғли президент бўлса, мусулмонларга қарши репрессия бошланади. Эрдоганнинг Туркияда диний ҳуқуқларини таъминлаш бўйича қилган ишлари олқишга сазовор. Кўп турк танишларимиз мамлакатда олдин диний эркинлик қанақа бўлганлигини сўзлаб берган. Бир турк тадбиркори эски замонда онаси ҳижобда бўлганлиги учун шифохонага қабул қилинмаганлигини алам билан айтиб берганди. Эрдоган аста-секинлик билан барча мусулмонларга фундаментал ҳуқуқларни кафолатлаб билди. Бу ҳаракатлар сўнгги беш-етти йилда кўпроқ популизмга айланган бўлса ҳам, дастлабки 10-12 йилдаги ўзгаришларни олқишлаш керак. 

Туркия диний масалада қайтмас нуқтага келиб бўлди деб ўйлайман. Демократик давлатларда қайсидир эркинлик берилса, аҳоли ўргангандан сўнг уни қайтиб олиш жуда қийин бўлади. Шу томондан сайловларда ақл билан қарор бераётган халқ ўз ҳуқуқларини талаб қилишни ҳам билади. Озгина дахл қилинса, бу халқ бемалол кўчада ёки кейинги сайловларда ўз жавобини беради. Қолаверса мухолифат ҳам ким орқали ҳукуматга келганлигини ва ким сайловларда овоз беришини эсдан чиқарадиган аҳмоқ эмас. Ҳозир Қиличдорўғли умумий коалиция номидан номзод бўлган ва гуруҳдаги олтита партиядан учтаси диндорлар қўлловида эканлигини ўзбек ўқувчилари билмайди, шекилли. Ҳозирда мухолифатнинг позицияси тўлиқ дунёвийликни ушлашдир. Дунёвийлик бу эътиқод эркинлиги кафолатидир. Шу томондан дунёвийлик ҳар қандай диндорга ўз эътиқодига амал қилиш ҳуқуқини кафолатлайди. Бу фундаментал инсон ҳуқуқлари сифатида тан олинган. Аслида, диндор халқ учун дунёвийлик энг яхши тизимдир. Туркияда сўровномаларда дунёвийлик тарафдорлари энг катта қисмни ташкил этади. Шулардан келиб чиқса, Қиличдорўғли даврида динга қарши ёки диндорларга қарши қанақадир ҳужум ёки ноинсоний ҳаракат бўлишига ишонмайман. 

Яна бир муҳим деталь, сайловларда Эрдоган партияси парламентда энг кўп ўринга эга бўлди. Улар олган ўринлар бошқа партияларнинг умумий натижасидан ҳам кўпроқ. Бу ҳукуматни тийиб турувчи восита бўлади. Қонунчиликда нимадир фундаментал ўзгариш қилиш учун парламент орқали ўтиш керак. У ерда бўлса диний сиёсатга мойилроқ Эрдоган партияси депутатлари ўтиради.
Қиличдорўғли бошқарувда камида олти томон билан муроса қилиши керак бўлади. Бу қарор қабул қилиш жараёнини жуда мураккаблаштиради. Олти томондан позиция ва манфаатлар тўқнашуви бўлади. Мухолиф парламент ва томонлар манфаатлари турлилиги жамланиб ўзига хос мувозанат яратади деб ўйлайман. 

Хулоса қилсам, Қиличдорўғли сайланган тақдирда ҳам, унинг даврида Туркияда диний сиёсат борасида нимадир ўзгаради деб ўйламайман, ҳар ҳолда беш йилдан кейин яна сайловлар келишини ҳисобга олсак, мухолифатда риск менежмент ишласа, бунга ҳеч қачон журъат қилишолмайди. Ўзгаришлар асосан иқтисодий сиёсатда ва халқаро алоқаларда бўлади. Туркия халқаро алоқаларда кўпроқ Ғарбга ён босиб бошлайди, шунингдек иқтисодда қилинган хатолар тўғриланади, айниқса банк тизимига нисбатан парадигма ҳам тўғриланади. Лекин, қанақадир кескин ўзгаришлар бўлади деб ўйламийман. Унга на сиёсий кучлар, на иқтисодий ресурслар, на халқ имкон беради. Демократик мамлакатларда ҳар доим ҳаммаси биз ўйлагандан мураккаб бўлади.