Get Mystery Box with random crypto!

Бугун бир суҳбатда мани анчадан бери қийнаб юрган масалада муҳ | Allaev Uz (16 )

Бугун бир суҳбатда мани анчадан бери қийнаб юрган масалада муҳокама бўлиб қолди. Тез-тез кўрамиз, катта лавозимдаги, ақлли инсонларнинг фарзандлари унақа ақлли чиқишмайди. Ҳаёти бузилиб, дабдала бўлиб кетганлари ҳам орасида жуда кўп. Ҳамма билан шунақа демаймизу, лекин бунақа воқеалар тез-тез учрайди. Ўйлашимча, бунинг асосий сабаби мамлакатимизда шаклланган иш муҳити сабабли. Муваффақиятли инсон бўлиши учун кадр бир кунда 12-14 соатини, баъзида ҳатто 18 соатини иш билан ўтказиши керак. Масъулиятли жойларда бу ҳафтасига 7 кун даражага етган. Натижада оила учун, бола учун отада вақт қолмайди. Энди қолган ҳаммаси онага боғлиқ. Бола тарбияси онага қолиб кетади. Ота муваффақиятли, ақлли, ҳурматли, лекин у шу статусларни ушлаб туриш, янада ривожлантириш билан банд. 

Онанинг руҳий ҳолати, тарбияси, таълими боланинг келажагига муҳим роль ўйнайди. Камбағал оилада ота назоратисиз ҳам пул етишмовчилиги сабаб бола чалғиб кетиш эҳтимоли кам. Бой оилада вазият фарқ қилади, пул бор, у хоҳлаган ишини қилиши мумкин. Унда ота эътиборидан бошқа ҳамма нарса бор. Янада ёмони, унинг ҳаётидаги энг муҳим вазиятларда унга ёрдам беришга меҳрибон, лекин вақти йўқ ота пайдо бўлади. Муҳим қадамми, отанг қўллаб ҳал қилиб беради. Ўқишга киритиш, пул тўлаш, машина, уйлантириб қўйиш, ундан олдин ҳатто мактабда, ҳамма жойда отанинг ёрдами бор, вақти ва меҳридан ташқари. Ота олдида бўлмасдан, фақат керакли вазиятда ёрдам қиламан деб ўйлаб, аслида зарар етказиб қўяди. Натижада, отасидан фарқли, ҳаракат ва меҳнат эвазига бирор нарсага эришишни ўзига эп кўрмайдиган, бир гуруҳ дангаса ва кўнгилхушликдан боши ортмайдиган инсонлар чиқади. 

Мен атрофдаги катта тадбиркор акаларда тез-тез кўраман, боласи бир нечта чет тилини билади, дунёнинг йирик Университетларида ўқийди. Пул, ота-она эътибори, тўғри тарбия, сифатли таълим бирлашган жойда катта натижалар чиқарса бўлади. 



Шу учун ҳам, фарзандлар ва оила билан кўпроқ вақт ўтказайлик. Ҳар бир фарзандга алоҳида лойиҳа сифатида қараб, уларга эътибор ва меҳр ажратайлик. Фарзанднинг тақдири, аҳамияти, бугун номимиз ва карьерамиздан кам эмас.