Get Mystery Box with random crypto!

2016-йилдан кейин реформалар бошланганда энг яхши ва аҳоли учу | Allaev Uz

2016-йилдан кейин реформалар бошланганда энг яхши ва аҳоли учун қулай реформалар банк-молия соҳасида бўлган эди. Тўғри ва вақтида қилинган қарорлар сабаб нақд пул ва картадаги пул ўртасидаги 20-25 фоизлик фарқ йўқолган, конвертация эркин бўлган, online банкинг хизматлари ривожланиб бошлаган эди. Бу мамлакат аҳолиси ҳаётида жуда кўплаб қулайликлар очди. Масалан, ўзим ҳам Тошкент шаҳрида нақд пул олиб юрмай қўйдим. Омонат сақлаш, QR код орқали тўлов, online микроқарз ва шунга ўхшаб юзлаб рақамли хизматлар ҳаётимизни ўзимиз сезмаган ҳолда ўзгартирди. Ман мамлакат ҳаёти фаровонлашишида бу реформаларнинг роли борлигига ишонаман.

Шуҳрат ака Қурбонов кетирган маълумотга кўра карта орқали пул айланиши 10 фоизга ўсган ҳолатда, мамлакат ЯИМи 1 фоизга ошиши исботланган экан. Лекин, охирги вақтда солиқ назорати мақсадида мана шу йўлдан ортга кетиш бошлангандек.

Келинг, рақамлаштиришдан фойдаларни кўриб чиқайлик:



Аввало қулайлик. Банк соҳасини рақамлаштириш халқга исталган жойдан ва исталган вақтда, банк филиалига бормасдан туриб банк хизматларидан фойдаланиш имконини беради. Бу ҳам мижознинг, ҳам банкнинг вақти ва ресурсини тежайди.

Яна бир фойдаси самарадорликдир: рақамлаштириш банк жараёнларини соддалаштиради ва кўплаб операцияларни камайтиради. Бу банкларнинг тезроқ ишлашига ва харажатларни камайтиришига сабаб бўлади.

Буёрократия камаяди: Рақамли хизматлар қоғозбозликни йўқотади. Омонат қўйиш учун ёки микроқарз олиш учун 5-6 йил олдинги қоғозбозликни эсланг.


Мижозларнинг тажрибаси яхшиланади: Рақамли банк хизматлари орқали мижозлар ўз пулларини самаралироқ бошқаришади.

Хавфсизликни оширади: рақамли банк хизматлари анъанавий банк хизматларига қараганда хавфсизроқ. Банклар мижозлар маълумотларини ҳимоя қилиш учун биометрик аутентификация ва икки факторли аутентификация каби илғор хавфсиз хизматларни тез жорий қилишади.

Рақобатни кучайтиради: Рақамли банк хизмати хоҳлаган ҳудуддан ишлагани учун мижоз ўз маҳалласидаги банкка боғланиб қолмаган. Бу банклар ўртасида рақобатни кучайтиради, рақобатдан бўлса ҳамма ютади.

Қора иқтисодиётга қарши курашишга ёрдам беради. Мамлакатда тўловлар қанчалик карталар орқали ёки рақамли тарзда ўтса, шунчалик улардан из қолади, қора иқтисодиётнинг аҳамияти йўқолиб боради. Иккита нақд олди-бердида ҳеч қандай из қолмаслиги мумкин, лекин картадан-картага пул ўтказганда доим из қолади. Бу иқтисод назоратида катта имкониятларни очади.

Хуллас, ҳозир кўпроқ солиқ йиғаман деб тўсиқликлар яратиш эмас, аксинча аҳолини кўпроқ рақамли хизматга ундаш вақти. Бутун дунё шу йўлдан кетмоқда, унга қарши эмас.

PS: Рақамли банк хизматлари ҳақида “Банк 4.0» китобини ёз ойларида Республикамизнинг энг йирик банкларидан бири билан тақдим қиламиз.