Get Mystery Box with random crypto!

Кеча тунда постни анча ҳаяжон билан ёздим. Энди нималар қилиш | Allaev Uz

Кеча тунда постни анча ҳаяжон билан ёздим. Энди нималар қилиш ҳақида:

1. Қизингизни ўқитинг, унга имкон борича яхши таълим беринг. У ўз ҳуқуқини ўзи ҳимоя қиладиган, оғир вазиятда болаларини уддалаб кетиб биладиган даражада кучли бўлсин. Ўқиб дунёни олиб берадими ёки қиз бола бировнинг хасми демасдан имкон борича яхшироқ таълим беринг. У мустақил, ўзига жавобгар кучли шахс бўлиб ўссин. Бахтсиз ҳолатга тушганда ўзи учун ўзи курашиб, ўзи учун йўл топсин. Сиз энг яхши сценарийдан умид қилиб эмас, энг ёмон сценарийдан келиб чиқиб таълим беринг.

2. Қизингизни ҳеч қачон мажбуран турмушга берманг. Бир хонадонда ҳам ўзи бахтсиз, ҳам болалари бахтсиз бўлгандан кўра яхшиси қари қиз бўлсин. Ўттиз ёшдан ўтиб турмуш қурсада бахтли яшаб юрганлар нечта. Унга ўзига мос одамни танлашга имкон беринг. Агар қизингиз ўзи танлай олишига ишонмасангиз, қизингизни эмас, ўзингиз берган таълимни шубҳага олинг. Сиз шунақа ёмон ота-онасизки, фарзандига ҳеч бўлмаса яхши ва ёмон одамни ажратишни, ўзи учун қарор беришни ўргатмабсиз.

3. Ҳеч қачон ким биландур мажбуран яшашга йўл қўйманг. Эр уриб ёки келишолмасдан келдими, ажрашаман деса қаршилик қилманг. Қўйиб беринг. Сиз яхши тарбия берган фарзанд ўзи шундоқ ҳам оила масъулиятини ҳис қилиб, асраб қолиш учун қўлидан келганини қилгандир. Лекин, ўхшамадими, бошқаларнинг фикрига тупуринг, сизга қизингизнинг ҳаёти маҳалладаги тўртта хотиннинг гапидан муҳимроқ, тўғрими?

4. Қизингиз манипулятор ёки абузер қўлига тушган бўлиши мумкин. Унда йиллар давомида қизингиз руҳан ёки жисман азоб еб яшаши мумкин. Бунақа вазиятда аралашиш сизнинг вазифангиз. Суҳбатлашиш, тинглаш, вазятни англашга ҳаракат қилинг. Фарзанд очилиб сизга бир дардини айтолмаяптими, ёшлигида ота-она ва фарзанд ўртасида суҳбат ва ишонч муҳити ярата олмаган тарбиянгизни савол остига олинг. Бўлгани бўлди, фарзандингиз ишонадиган, ичини очиб биладиган одамдан у билан суҳбатлашишни илтимос қилинг. Вазият фарзандингиз зараригами, бу уни йиллар давомида фақат бахтсиз қиладими, столни бир уриб ота сифатида ажрашасан дейишни, ўз қизингизни тақдирини ўз қўлингизга олишни, уни ҳимоя қила билишингизни кўрсатишни ўйланг. Эсдан чиқарманг, ажрим ҳалокат эмас. Ҳалокат умрини руҳан бахтсиз бўлиб ўтказиш, бахтсиз фарзандлар тарбиялашдир.

5. Ўғлингизга ҳеч қачон келин топиб уйлантириб қўйманг. У эркакми, ўзига битта аёл танлаб, уни ўзига ишонтириб эришолмаса нима қилиб юрибди?! Лузер бўлмасдан, онанинг ортига ёшинмасдан, ўзи излансин, шахсга айлансин, бахтига муносиб бўлиб ўзи эришсин. Тўйга пулини ҳам ўзи топсин, масъулиятни ҳис қилсин, ўз бахтига ўзи етишсин. Ҳаракат қилиб етишолмадими, баттар бўлсин. Яна бир неча йил унга дарс бўлсин, ҳаракат қилсин. Қийналиб битта аёлни кўндира олган, битта тўйни эплаган эркак, битта оилани ҳам эплай олади.

6. Бахт фақат моддиятда эмас. Оила қорни тўқ, усти бут дегани, улар бахтли дегани эмас. Баъзида озгина руҳий далда, чин кўнгилдан суҳбат, самимий меҳр ҳар қандай моддиятдан устун бўлиши мумкин. Бахтни фақат моддиятга уламанг. Болалар билан, оила билан суҳбатлашишни, тинглашни, меҳр беришни, меҳр олишни, уни қадрлашни ўрганинг.

Муҳими тушунинг, сиз жамият кўзи учун эмас, ўзингиз учун бахтли бўлишингиз керак. Фарзанд бўлса сизнинг тажриба қуёнчангиз эмас, бахтли бўлишга ҳақли алоҳида шахсдир. Ҳақиқий бахт билан жамият кўзидаги бахт бўлса фарқ қилади.