Get Mystery Box with random crypto!

Буюк психолог Виктор Франкл немислар концлагерида яшаган вақти | Allaev Uz

Буюк психолог Виктор Франкл немислар концлагерида яшаган вақти ҳақида «Ҳаётга «ҳа» деб айт» номли китобида лагердаги инсонларни қуйидагича тасвирлайди:

«Лотин тилида «finis» сўзи бор. Бу сўз иккита маънони англатади: якун ва мақсад. Концлагерда яшайдиган одамлар ундан қачон чиқишини, ўзи умуман чиқишини ҳам билмайди. Унинг на ўлими, на жазо муддати тугаши ҳақида маълумот бор. Натижада лагердагилар ўзига умуман мақсад қўйишмайди. Улар учун энди фақат тарих аҳамиятга эга. Фақат ўтган кунларини эслашади ва ҳаёти тугагандек руҳий ҳолатда бўлишади. У учун фақат ўтмишдаги ҳаёти бор. Ярим мурдалар».

Томас Манн ўзининг "Мўъжизали тоғ" китобида ҳам шунга ўхшаш руҳий ҳолат ҳақида ёзади. У туберкулёз касаллиги билан чалинганлар даволанадиган санаторийда яшайдиган одамлар ҳақида гапириб, улар у ердан қачон чиқишларини, ўзи умуман чиқишларини билишмайди. На якуни аниқ, на ҳаётдан мақсади аниқ. Улар ҳам келажакдан маҳрум қилинган.

Ҳатто қамоқдаги одам жазо муддатини ва ҳаммаси яхши бўлса, бир куни у ердан чиқишини билади. Шундан келиб чиқиб нимадир мақсадлар қўяди, уларда хали умид бор. Лекин, ўша даврда концлагердагилар ёки туберкулёз санаторийсидагилар ҳатто шу «бахт»дан маҳрум қилинган эдилар.

Концлагерь ёки давосиз дард санаторийсига тушмаган бўлсада, фақат ўтмиш билан яшайдиганлар орамизда жуда кўп. Уларда фақат ўзининг, ота-бобосининг, ёки миллатининг неча асрликдир ўтмиши бор. Улар ҳам аслида тирик мурдалардир.

Кеча кимнингдир ота-бобоси оёғига латта боғлагани муҳим эмас, у нима якундан умид қилаётганлиги, нима мақсадни қўйганлиги муҳим.

Лотинча «финис»имиз гўзал бўлсин. Тирик мурда бўлишдан ўзи асрасин.

@allaevuzb