Get Mystery Box with random crypto!

Муваффақият фақат 2 фоиз ҳолатдагина интеллектга боғлиқ. Иқти | Allaev Uz

Муваффақият фақат 2 фоиз ҳолатдагина интеллектга боғлиқ.

Иқтисод бўйича халқаро Нобел мукофоти лауреати Жеймс Ҳекманнинг изланишларига кўра муваффақиятнинг 2 фоизинигина интеллект билан изоҳлаш мумкин. Аксар инсонларда қуйидаги сингари саволлар пайдо бўлади: «Ўз орзу-мақсадларимни рўёбга чиқариш учун етарлича ақллиманми? ”

Баъзи инсонлар қўрқув туфайли турли таклифларни рад этишади, янги иш бошлаш учун ўз қобилиятларига етарлича баҳо бера олишмайди. Ҳекман эса муваффақият интеллектга боғлиқ эмаслигини кўрсатиб берди. Олим ўз ҳамкасблари билан бирга АҚШ, Буюк Британия, Нидерландиянинг минглаб фуқароларидан IQ ва уларнинг шахсияти ҳамда характерига доир тестлар ўтказади, сўнг уларни таҳлил қилиб чиқишади.

Тест натижаларини уларнинг даромадига нисбатан таққослаб чиқишганида, бор-йўғи 2 фоиз муваффақият интеллектга боғлиқ эканлиги аён бўлади. Бошқача қилиб айтганда, инсон муваффақиятга эришиши учун унинг IQ баллари кифоя қилмайди. Юқори ҳақ тўланадиган ишчиларнинг натижалари таҳлил қилгач, бундай ишларда ишлаш уларнинг туғма мия қобилиятларига боғлиқ эмаслиги аниқланди. Бундай даражага эришиш учун улар бошқалардан кўра кўпроқ ҳаракат қилган, ҳамда тинимсиз изланган, ўрганган, янгиликларга очиқ бўлган. Қолаверса, ўрганаётган нарсаси улар учун жуда қизиқ бўлган.

Шахсият тестлари шуни кўрсатадики, одатга айланган таълим жараёни, очиқлик, инсондаги қатъият ҳамда музокара олиб бориш принциплари (буларни Ҳекман некогнитив қобилият деб атайди) ўз устида ишлаш жараёнида муҳим саналади. Чунки характер бўйича ишлаш, уни тўғирлаш, одатда, IQ ни оширишдан осонроқ кечади. Ҳекманнинг бошқа изланишлари шуни кўрсатадики, ўсиб келаётган боланинг характерини ривожлантириш келажакда муваффақиятга эришишида асос бўлади.

Демак, инсоннинг IQ даражаси унинг муваффақиятини белгиламайди. Ривожланишни, аввало, характерни ривожлантириш, янгиликларга нисбатан очиқ бўлиш ва характердаги камчиликларни тузатишдан бошлаш лозим. Энди юқоридаги саволни ўзгартирамиз: «Муваффақиятга эришишим учун ақлий қобилиятим етарлими?» эмас «Муваффақиятга эришиш учун менинг характерим етарлича ривожланганми?» . Ана шундан кейин бу савол ечими устида изланиш ва муваффақият сари одимлаш лозим.

@allaevuzb