Get Mystery Box with random crypto!

Ражаб ойи фазилатлари. Ражаб ойи тўрт улуғ ойнинг бири. Мана | Alhαмdυlιllαh ... 🌸🍃

Ражаб ойи фазилатлари.

Ражаб ойи тўрт улуғ ойнинг бири. Мана шу тўрт – зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ва ражаб ойлари айрим ишлар ҳаром қилинган ойлардир. Қадимдан, яъни, Иброҳим (а.с.) шариатларидан то исломгача бўлган даврларда ҳам, бу ойларда уруш қилиш ҳаром саналган. Араб халқлари жоҳилият даврида барча самовий динларнинг аҳкомларини бузиб, ўзгартириб юборган бўлсалар-да, мазкур тўртта ойнинг ҳурматини сақлаб қолганлар. Шаҳри ҳаромда ҳар қандай урушни, гуноҳ, зулм ишларни, ов қилишни тўхтатишар, ҳатто ўз отасининг қотилини кўриб қолсалар ҳам, ундан ўч олишга шошилмай, ушбу ойларнинг тугашини кутар эдилар.

Аллоҳ жалла жалолуҳу ояти карималарда: “Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг адади – Аллоҳнинг осмонлар ва Ерни яратган кунидаги битигига мувофиқ – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш) ҳаром қилинган ойлардир...” деб, юқорида номи зикр этилган ойларнинг шаҳри ҳаром эканлиги ва уларнинг ҳурматини сақламоқ зарурлигини маълум қилади (Тавба, 36).

Расулуллоҳ (с.а.в.) мазкур оятни охирги ҳажлари – “Ҳажжатул вадо”да ўқиб, мусулмонларга бу ойларнинг ҳурмати тўғрисида кўп маълумот берганлар.

Ражаб ойида муҳим тарихий воқеалар юз берган. Жумладан, Тўфон ҳодисаси йилида кемага Нуҳ (а.с.) ражабнинг биринчи кунлари минганлар. Бу йил 22-мартга тўғри келадиган 27-ражаб куни Жанобимиз (с.а.в.)нинг Исро ва Меърож кунлари сифатида нишонланади. Расулуллоҳ (с.а.в.)га пайғамбарлик ваҳйи ҳам шу ойнинг охирларида нозил қилингани сийрати набавийя китобларида зикр қилинади.

Ражаб ойи баракали ва улуғ ой бўлиб, ундаги озгина яхши амал эвазига кўп ажру савоблар ато қилиниши ва аксинча, озгина маъсият-гуноҳ ишларга каттароқ гуноҳлар ёзилиши, барча ибодатлар ва дуолар тезда ижобат бўлиши ҳамда бир қанча бошқа фазилатлари тўғрисида кўп ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг бир ҳадиси шарифлари таржимаси қуйидагичадир: “Меърож кечасида бир дарёни кўрдим. Унинг суви асалдан ширин, қордан совуқ, мушку анбардан хушбўй эди. Жаброил (а.с.)дан: “Бу дарё сувидан кимлар баҳраманд бўлур?” – деб сўраганимда, “Кимки Сизга ражаб ойида салавоту дурудни кўпроқ айтган бўлса, бу дарё шуларга насиб бўлгай”, дедилар”.

Шунинг учун Жанобимиз (с.а.в.) ражаб ойида кўп истиғфор айтиш, гуноҳ ишлардан имкони борича сақланишга тарғиб қиладилар. Бу ойда имконияти бўлган кишилар нафл рўза ва намозларни адо этсалар, уларга кўп ажру савоблар берилиши ваъда қилинган.

Имом Байҳақий (р.а.) “Шуъабул имон” китобларида ривоят қиладиларки: “Аллоҳ таборак ва таолонинг наздида шаҳарларнинг энг маҳбуби – Маккаи мукаррама, ойларнинг маҳбуби – тўртта муҳаррам ойлар, бу ойларнинг ичида маҳбуброғи ҳаж ойи, яъни, зулҳижжа, зулҳижжанинг ичида маҳбуби аввалги 10 куни. Кунларнинг ичида энг маҳбуби жума кунидир. Кечаларнинг маҳбуби Лайлатул Қадр кечасидир. Бир кеча-кундуздаги соатларнинг маҳбуби беш вақт намоз соатларидир. Калималарнинг ичида маҳбуброғи ушбу тўрт калимадир: “Аллоҳу ла илаҳа иллаҳу валлоҳу акбар ва субҳаналлоҳи валҳамдулиллаҳ”.

Бу калималарни эса сиз билан биз ҳар кунги ибодатларимизда неча марталаб такрор этамиз. Демак, мазкур фазилатли ою-кунларда имконият борича яхши амаллар билан машғул бўлсак, катта ажру савоблар ато қилиниши муқаррар экан.
------------------------------------------------
"Тошмозор"номли масжид имом-хатиби Домла Мирзоқосим Саидмирзаев.
------------------------------------------------
http://T.me/Alhamdulillah_Iyman