Get Mystery Box with random crypto!

Бу бир шахснинг сиёсий иродасига боғлиқми, ёки глобал интеграц | Akrom Malik | Rasmiy kanal

Бу бир шахснинг сиёсий иродасига боғлиқми, ёки глобал интеграция шуни тақозо этяптими – бу таҳлил этиладиган масала, мен гапни Советнинг қули бўлган одам ёзган мақоладан бошлаган эдим, шу мақолага қайтсам.

Хонликлар ва советларни солиштирамиз.
Биринчидан,
хонликлар бизнинг миллий давлатимиз эди. Гарчи улар орасида низо ва қонли тўқнашувлар учраб турса-да, бу давлатлар бизнинг миллатимиз зеҳниятига тасбит эди. Миллий давлат ўзида халқнинг минг йиллик қарашлари, эътиқоди, қадриятлари устига қурилган, шунинг устида оёқда турган давлат ҳисобланади. У қадим одат ва урфларни ҳимоялаши билан муҳофазакордир. Биз учун бизни ўзига қул деб биладиган совет давлатидан кўра миллий давлатимиз кераклироқдир. Ҳар қандай халқ бегона, масалан, совет давлатига тақлидан қурилган бошқарув тизимидан кўра миллий зеҳният асосидаги тузилмада ўзини тўлақонли намоён этади ва ривожланади.

Иккинчидан, хонликларнинг сиёсий иқтидор тузуми билан бир қаторда таълим ва ижтимоий ҳимоя тизими мавжуд эди. Совет ёзувчилари халқни алдаб ёзганидек бойлар доимо халқни эзиш билан банд бўлмаган, муллалар эса одамлар онгини “заҳарлаш” вазифасидан бошқа муҳим ишларни амалга оширганлар. Хусусан, бойлар камбағалларга закот берган, муллалар эса Аллоҳга итоат қилишни, ўзаро хайр ва саховат қилишга одамларни даъват қилганлар. Мадрасаларда турли илмлар узвий ўқитилган.

Учинчидан, хонликларнинг ўз тиббиёти бор эди, одамлар ҳамиша ҳам вабо ва қизамиқдан қирилиб кетмаган, билъакс, инсонлар юз йиллаб яшардилар. Барча маҳсулотлар экологик тоза, табиат эса заҳарланмаган эди.
Тўртинчидан, инсонларда ҳаё, вафо, виждон, одамийлик, раҳмдиллик, болажонлик фазилатлари устувор бўлган. Одамлар ҳамиша бир-бирларига ёрдамлашмоқ учун шошилганлар. Ваҳшийликлар умуман юз бермаган.
Бешинчидан, аёллар ҳуқуқи олий даражада таъминланган эди. Паранжи ичида аёл уйининг тўрида ўтириб эрига бемалол ҳукм ўтказарди. Тўрт аёлга уйланган эр тўрт аёлга ҳам кенглик қиламан дер, уларнинг барчасини марҳамат қанотлари билан бағрига босарди.

Хонликларда қандай қусурлар бор эди?
Биринчидан,
армия ўз аҳволига ташлаб қўйилди. Дунёда рўй бераётган сиёсий янгиланишлардан хонлар бехабар қолди. Сўнгги қуроллар билан қўшин қуроллантирилмади.
Иккинчидан, таълимнинг янгиланган шакли, ўрганилаётган янги илмларга эътибор берилмади.
Учинчидан, сиёсий доираларда маҳаллийчилик, тарафкашлик, ўзаро хусуматлашув кучли эди.
Тўртинчидан, қишлоқ хўжалиги бўлсин, ишлаб чиқариш бўлсин, замонавий янгиликларни бу соҳаларга олиб кириш ҳақида тасаввур ҳам кўринмаган.

Босмачилар ҳаракати қандай ҳаракат эди?
Улар ўриснинг, хусусан, Советларнинг душман ва босқинчи эканлигини билишарди. Жонларини ўртага қўйиб жангга чиқдилар. Аммо улар сиёсий билимлари етарли бўлмагани, соддаликлари сабабли муваффақият кўрсатмадилар.

Матбуот воситасида миллий давлатга нисбатан халқда нафрат туйғуси уйғотилган эди. Бу нафратни жадидчиларнинг асарлари ривожлантирди, тарбиялади ва кучга киритди. Халқ, натижада, ўз миллий давлатини ёмон кўрди. Жадидчилар ўлдирилгач, уларнинг ўрнига келган совет ўзбек ёзувчилари халққа ўтмишни даҳшатли дея тасвирлаб, тарихни кўмиб юбордилар. Ёш авлод Ленинга сиғиниб, миллий руҳдан мосуво ҳолда Совет қўғирчоғи бўлиб улғайди.

Хонликлар қура олмаган ёки қуришга кечиккан тизимлар – янгиланган таълим, тиббиёт ва ишлаб чиқариш тизимлари советлар томонидан энг паст сифатда барпо этилди. Одамларнинг онги фақат қизил ғояларга тўлдирилди. Кишилар колхозда пахта чопишдан бери келмай қолишди. Натижада, бутун бошли авлод миллий ўзлик, миллий давлат, миллий руҳ ҳақида фикрлай олмайдиган даражада заиф тўдага айланиб қолди.

Совет давлати тепасида ҳам табиатан золим ва диктатор бўлган гуруҳ фаолият олиб борди. Улар учун ҳокимиятни сақлаб қолиш муҳим эди, холос. Бунинг учун улар халқни ёруғ келажакка ишонтириш ва қорнини тўйдириш, ўрни келганда қўрқитиш амалиётларидан фойдаландилар. Улар халқнинг ҳаёти дунё тараққиёти билан эш бориши ҳақида, инсонларнинг онг ва қалблари уйғоқ, ҳар бир инсон қатъиятли, эътиқодли бўлиши тўғрисида эмас, балки ҳар бир киши совет давлатининг, коммунистик партиянинг онгсиз аскарлари бўлиши учун курашдилар.