Get Mystery Box with random crypto!

​​АҚШда улғайган фарзанднинг тарбияси бузилиб кетадими? Бу са | Bolalar psixologiyasi va Ahil Oila

​​АҚШда улғайган фарзанднинг тарбияси бузилиб кетадими?

Бу саволга неча йиллардан бери АҚШда доимий истиқомат қилиб келаётган Беҳзод Мамадиев жавоб беради:

Тарбия ўзи нима? Қандай фарзандни биз тарбияли, қандайини тарбиясиз деб атаймиз? Ўзбекистонда ўсган бола «автоматик» тарбияли бўлиб қоладими?

Бу саволларнинг жавоби оддий: боланинг қандай хулқ билан улғайиши ота-онага, оилага ва атрофидаги муҳитга боғлиқ.

Ўзбекистон ҳар қандай болани гўзал хулқли қилиб тарбиялаб берадиган сеҳрли инкубатор эмас. Хулқи бузилиб, турли кўчаларга кириб кетаётганлар Ўзбекистонда ҳам кўп. «Чириган» Ғарбда қандай ахлоқсизлик бўлса, уларнинг ҳар бири бугун, афсуски, Ўзбекистонда ҳам мавжуд. Бирор бир ахлоқсизликни айтинг, агар шу нарса Ўзбекистонда мавжуд бўлмаса, шунга мени ишонтира олсангиз, бу постимни ўчираман.

Аксинча, Америкада фарзандингизни ўзингиз хоҳлагандек тарбиялаш имконияти Ўзбекистондан кўра кенгроқ.

Диний муҳитда ўстирмоқчимисиз, марҳамат, исломий мактаблар, масжидлар бор; уларда болалар учун кундалик, ҳафталик махсус дастурлар бор. Ҳеч қандай муаммосиз уларга беришингиз мумкин.

Америка мактабларига борса, хулқи бузилади, дейсизми? Унда, эплай олсангиз, уйда ўқитинг. Давлат бунга рухсат бериб қўйган. Имтиҳонларни топшириб турса, бас. Мактабни тамомлаганлик сертификатини уйда ўқиб ҳам бемалол олиш мумкин.

Бекорчи қолса, америкаликларга қўшилиб, хулқи бузилади, дейсизми? Унда болалар учун турли машғулотларга, тўгаракларга беринг: барча ёш категориялари учун спортдан тортиб, илм-фан ва ҳатто компютер дастурлаш тилларини ўргатишгача бўлган курслар бор.

Америкада анъанавий ўзбекистонликлар қўрқадиган битта нарса бор: болалар эркинлиги ва улар ҳуқуқларининг давлат томонидан ҳимояланиши. Бу ерда ота-она боласига қўл кўтара олмайди; балоғатга етиб кўчага чиқса, унинг олдини тўсиб, уйда ўтирасан, деб мажбурлай олмайди.

Ўзбекистонда ҳам аслида фарзандингизни тўла назорат қила олмайсиз. Уйга 24 соат қамаб қўймасангиз агар. Бугунги ёшлар кўчада ёки уйда ўтириб ҳам телефонда исталган бузуқликни ота-онасидан беркитиб амалга ошира олади. Бунинг учун Америкада бўлиш шарт эмас.

Масала яна муҳит ва оилага бориб тақаляпти. Оилада тўғри муҳитда ўсган, бекор қолмай, вақтини фойдали машғулотларга сарфлашга ўрганган боладан ҳеч қачон тарбиясиз ва ёмон хулқли бола чиқмайди.

АҚШда ёш болаларга ҳам катталардек муомала қилишади. Ота-она фарзандининг қизиқишларини ҳурмат қилади; бемаъни саволларига эринмай жавоб беради. Нотўғри иш қилса, урмасдан, сўкмасдан, бу ишнинг нега хато эканини тер тўкиб тушунтиради. Нега? Чунки бу бола эртага улғайганда жамиятга тенг ҳуқуқли аъзос сифатида қўшила олиши керак. Ота-она уни шунга тайёрлайди.

Баъзи ўзбекистонликлар бу масъулиятдан қочади, чунки бу нарсани эплай олмайди. Шунинг учун уларга энг маъқули «ўзбекча» вариант: болани уриб-сўкиб тарбиялаш, ўзимиз ўрганган қолипга солиш. Америкада бунинг иложи йўқ. Яна қайси йўл қолди? Ўзбекистонга жўнатиб юбориш.

Афсуски, бу ечим эмас....

https://t.me/joinchat/AAAAAD63OEHkQHOlfdglMg