Get Mystery Box with random crypto!

Бактериал рак — асосан уруғли ва данакли мева дарахтларини зар | Агро хаёт

Бактериал рак — асосан уруғли ва данакли мева дарахтларини зарарлайди. Дарахтларнинг гуллари, новдалари ва мевалари қорайиб, ёш кўчатлар ва новдалар қуриб қолади,
йирик дарахтларда ҳосилдорлик 50% гача камаяди. Касаллик баҳорда тўсатдан новда учларидаги гул ва ёш баргларнинг қорайиб, сўлиб, қуриб қолиши билан бошланади.

Касалланган гул ва барглар узоқ муддат, баъзан кузгача тушиб кетмай, новдаларда осилиб қолади. Бактериялар баргдан ўтказувчи томирлар орқали новдаларга ўтади. Зарарланган новдалар ўсишдан тўхтайди, қийшайиб қораяди ва қурийди. Зарарланган новдани кўндалангига кесганда ўтказувчи томирларда айлана бўйлаб ёки айрим нуқталар шаклида қорайишни кўриш мумкин.

Ҳосилган кирган йирик дарахтлар касалланганда пўстлоқларнинг ёрилиши ва кўчиб қолганлиги кузатилади. Ёш дарахтларнинг илдиз бўғзида пўстлоқ ёрилиши кузатилади. Касалликдан қуриган дарахтнинг илдизи худди куйганга ўхшаб қизғиш-қўнғир рангга киради.

Касаллик белгилари Erwinia amylovora бактерияси қўзғатадиган куйиш касаллигига жудаям ўхшайди, аммо бунда касалланган жойдан суюқлик оқиб чиқмайди. Инфекция манбаи эски боғлардаги касалланган дарахт, зарарланган уруғ ва кўчат ҳисобланиб, бактериялар ёмғир томчилари, ҳашаротлар, қушлар ёрдамида тарқалади. Касаллик боғ асбоблари билан кесиш ва пайвандлаш пайтида ҳамда бошқа механик шикастланган жойлар орқали юқиши мумкин.

Касалликнинг инкубацион даври 5-6 ойдан бир йилгача чўзилиши мумкин. Касаллик ёш дарахтларда тез ривожланиб, 1-3 йил ичида қуритиб қўяди.

Қарши кураш чоралари. Агротехник тадбирлар:

- кузда касалланган меваларни териб йўқотиш;

- кузда ва баҳорда кучли зарарланган шох ва новдаларни кесиб йўқотиш;

-ҳашаротларга қарши ўз вақтида курашиш;

- кесиш пайтида боғ асбобларини 0,5% ли хлорамин ёки 2% ли формалин эритмасида тез-тез зарарсизлантириб туриш;

- кузда барг тўкилишидан сўнг ва баҳорда куртак ёзишдан олдин 3% ли, ўсши даврида эса (гуллашдан 10-12 кун кейин) 1% ли Бордо суюқлигини пуркаш.

Энг яхши агро тавсияларни бизнинг каналда кузатиб боринг.

t.me/agro_hayot