Get Mystery Box with random crypto!

Илмга навбатда турмадик!   Ош деса, йиғилдик малахдек, Юзимиз | Девонайи Ҳақгўй

Илмга навбатда турмадик!
 
Ош деса, йиғилдик малахдек,
Юзимиз китобга бурмадик.
Нафс учун уришдик, талашдик,
Илмга навбатда турмадик!
 
Бугун-чи миллатнинг онги паст,
Жаҳолат майидан юрар маст,
Ўзига душман ҳам қасдма-қасд,
Илмга навбатда турмадик!
 
Тиллолар сарфладик кайф учун,
Шайтоннинг пешоби ҳайф учун,
Чақага оғриндик ҳарф учун,
Илмга навбатда турмадик!
 
Авлодлар бўлишди мардикор,
Хорижда дарбадар, итдан хор,
Эй миллат, ҳолингдан қилгин ор,
Илмга навбатда турмадик!
 
Ҳар ерда порахўр, ўғрилар,
Кулгига олинар тўғрилар,
Билмам, ким хатомиз тўғрилар,
Илмга навбатда турмадик!
 
Кўзимиз алдаган ёлғонлар,
Интернет, ойнайи жаҳонлар,
Уйғонинг, биродар, ёронлар,
Илмга навбатда турмадик!
 
Эъзозда фоҳиша, раққослар,
Онги паст отарчи, паққослар,
Бунда хор олимлар, ваққослар,
Илмга навбатда турмадик!
 
Халқ бугун ишқибоз нодонга,
Орқасин шиширган шайтонга,
Эътибор қаратмас урфонга,
Илмга навбатда турмадик!
 
Хаёлда оғринмай бой бўлса,
Остида энг сўнгги той бўлса,
Егани ҳар куни мой бўлса,
Илмга навбатда турмадик!
 
Амалдор кетини яласа,
Амаллаб халқини таласа,
Дунё деб қалбида талваса,
Илмга навбатда турмадик!
 
Бу миллат мудрайди ғафлатда,
Фарзанди газларда навбатда,
Илмсиз ўламиз, албатта,
Илмга навбатда турмадик!
 
Илмсиз қараммиз, қулдирмиз,
Тириклай ёнамиз, кулдирмиз,
Қадри йўқ, бир чақа пулдирмиз,
Илмга навбатда турмадик!
 
Девонайи Ҳақгўй (2020 й.)
 
@adolat_kuychisi