Get Mystery Box with random crypto!

Референдумда ўз овозимизни берамиз Янгиланаётган Конституциям | Адолат СДП| Андижон вилоят

Референдумда ўз овозимизни берамиз
Янгиланаётган Конституциямиз бугун жамоатчилик эътиборида . Унга киритилаётган ўзгартишларни юртдошларимиз қўллаб-қувватламоқда. Бу 30 апрелъ куни республикамизда ўтказиладиган референдум олдидан жойларда ўтказилаётган тадбирларда ўз ифодасини топмоқда.
“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши ташаббуси билан Андижон давлат тиббиёт институтида ташкил этилган “Конституциявий ҳуқуқларимдан фойдаланиб референдумда овоз бераман” мавзусида ташкил этилган тадбир ҳам айни шу мақсадга қаратилди. Унда партия фаоллари билан бирга “Ёш адолатчилар” ва талабалар иштирок этди.
Тадбирда сўз олган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Мавлуда Адҳамжонова иштирокчиларга Бош қонунимизга киритилаётган ўзгартишлар юзасидан тушунча берди. Таъкидланганидек, янгиланаётган Конституцияда «инсон-жамият-давлат» тамойили асосида инсон ҳуқуқлари борасидаги нормалар қарийб 3 бараварга кўпаймоқда. Хусусан, инсон ҳуқуқларига оид қатор янгиликлар киритилди. Унга кўра инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳар кимга туғилганидан бошлаб тегишли бўлади, инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсиздир, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари бевосита амал қилади ҳамда қонунларнинг, давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилайди.
Ўз ўрнида таълим, тиббиёт ва ёшлар масаласида киритилаётган ўзгартишларга ҳам тўхталинди. Бу имкониятлар келажагимиз учун хизмат қилишлиги кўрсатиб ўтилди.
Тадбир якунида иштирокчилар референдумда Конституциявий қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлаб овоз беришлигини билдирдилар.
“Адолат” СДП Андижон вилоят кенгаши
Матбуот хизмати.