Get Mystery Box with random crypto!

“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун | AkmalBurxanov

“Transparency International” халқаро ташкилоти 2021 йил учун “Коррупцияни қабул қилиш индекси”нинг янгиланган рейтингини эълон қилди. Унга кўра, Ўзбекистон 2020 йилга нисбатан 6 поғонага кўтарилиб, 180 мамлакат орасида 140-ўринни эгаллади.

Ўзбекистон мазкур индексда сўнгги беш йил давомида барқарор ўсиш (2017 йилда 22 баллдан 2021 йилда 28 баллгача) қайд этиб, минтақадаги тез суръатларда яхшиланиб бораётган давлатлар қаторида эътироф этилди.

Бундай барқарор ўсишга эришиш замирида албатта мустаҳкам сиёсий ирода, муҳим ўзгаришлар ва реал ислоҳотларнинг амалга оширилаётгани ётибди.

Хусусан, бугун давлат органларининг молиявий ва бошқа турдаги фаолиятлари очиқлиги таъминланмоқда, улар фаолияти устидан таъсирчан жамоатчилик назорати ўрнатилди, давлат хизматига ишга қабул қилишнинг ошкора механизмлари йўлга қўйилмоқда, ер участкалари, давлат активлари ва бошқа турдаги мол-мулклар ҳар қандай фуқаро қатнашиши мумкин бўлган онлайн аукционларда реализация қилинмоқда, аҳолига 150 дан зиёд давлат хизматлари бюрократия ва инсон омилисиз кўрсатилмоқда.

Энг асосийси - бугун фуқаролар, кенг жамоатчиликда коррупция иллатига нисбатан тоқатсиз муносабат шаклланмоқда. Коррупциявий хатти-ҳаракатлар ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг доимий диққат марказида турибди.

Албатта, мамлакатимизнинг мазкур рейтингдаги ўрни мақтанарли даражада эмас. Ҳали олдинда қилиниши керак бўлган жуда кўп ишлар турибди.

Жумладан, яширин иқтисодиёт кўламини қисқартириш, давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини очиқлаш, барча муносабатларда манфаатлар тўқнашувига йўл қўйиш ҳолатларига чек қўйиш, коррупция жиноятлари учун кескин жазо чораларини қўллаш, давлат хизматчилари фаолиятига ҳалоллик стандартларини сингдириш, аҳолининг коррупцияга қарши билимларини ошириб бориш – шулар жумласидандир.

@aburxanov