Get Mystery Box with random crypto!

#албатта_ўқинг ГУНОҲГА ЭШИК Ибн Саъд 'Табақот'да, ибн Аб | abdulbositqoriuz

#албатта_ўқинг

ГУНОҲГА ЭШИК

Ибн Саъд "Табақот"да, ибн Аби Шайба "Мусоннаф"да, имом Байҳақий эса "Шуъабул иймон"да келтиришади:
"Бани Исроилда кўп китоблар ўқийдиган бир киши бор эди. У ўзининг ўқиши ва илми билан дунёда шараф ва обрў қидирди. Кишиларни алдади, адаштирди. Кишилар уни ҳақда деб ўйлаб унга эргашишди ва залолатга кетишди. Унинг ҳаёти қариб-қартайгунича шу аҳволда ўтди. Бир куни кечаси ўзи ҳақида тафаккур қилди ва ўзига-ўзи деди:
"Ўйлаб кўр, инсонлар сенинг қилмишларингни билишмайди. Аммо Аллоҳ билади. Умринг тугаб, ажалинг яқинлашмоқда. Тавба қилишинг керак!".
Сўнгра у тавба қилиб бўйнига занжир ташлади. Ўзининг ибодатхона устунларидан бирига боғлади. "Ёки Аллоҳ менинг тавбамни қабул қилади, ё шу ҳолатда ўламан!", деди.
Аллоҳ таоло ўша пайтдаги пайғамбарлардан бирига ваҳий қилиб унга шундай дейишини амр қилди:
"Сенинг гуноҳинг сен билан Менинг ўртамда бўлганида қанчалар катта бўлмасин эҳтимол кечирар эдим. Аммо сен кўп инсонларни адаштирдинг, қанча инсонлар сен туфайли дўзахга киришди. Мен сенинг тавбангни қабул қилмайман!".

Бу қиссани гуноҳларидан тавба қилмоқчи бўлганларга айтилмайди. Акс ҳолда уларнинг қалбидаги Аллоҳнинг раҳматини йўқотиб, гуноҳларини кўзига катта кўрсатиб қўйган бўламиз. Гуноҳкор инсон Аллоҳнинг раҳматидан умидини узмаслиги лозим. Гуноҳ қанчалар катта бўлмасин, ширк бўлмаса ҳақиқий холис тавба билан Аллоҳ банданинг гуноҳларини кечириши мумкин. Аллоҳ таоло гуноҳкор бандасини Ўзига қайтишини, тавба қилишини яхши кўради.
Бу қиссани гуноҳга эшик бўлиб қолаётган кимсаларни огоҳ қилиш учун айтилади. Улар сабабли бандалар осий бўлиб қоладилар.
Бу қиссани динни кишиларга бузиб, ўзгартириб, сассиқ дунёдан ейиш учун динни ҳавои-нафсига мослаб талқин қиладиганларга, ҳаромни ҳалоллаб берадиганларга, рибони савдо деб талқин қиладиганларга, ҳижобни араб диёрларига, иссиқ мамлакатларга хос деб талқин қиладиганларга айтилади.
Бу қисса ботилга қарсак чаладиган ҳар қандай ёзувчи, шоир, зиёлига айтилади. Зеро кишилар уларни идеал деб уларга эргашади ва адашади. Бу билан улар ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам ҳалок қилишади.
Бу қиссани кишиларга ароқ ичишни осонлаштирадиган ароқ сотувчиларга, кишиларга зино қилишга йўл очадиган қўшмачиларга, кишиларнинг шаҳватини қўзғайдиган раққосаларга, кишиларнинг хулқини бузиш учун турли сериаллар ишлайдиганларга айтилади. Улар кишиларнинг эътиборини тортиб динларини барбод қилишади, ҳаромга сабр қилиш қобилиятларини ўлдиришади.
Бу қиссани хотинига ҳижоб ўрашни ман қилганларга, совчи бўлиб борган хонадондаги қизга ҳижоб ўрамасликни шарт қилиб қўядиганларга айтилади.

Кишининг гуноҳи гарчи минглаб бўлсада, агар Аллоҳ билан ўзи ўртасида бўлса унинг кечирилишини умид қилса бўлади.
Кишиларга ҳаромга тушишни осонлаштирадиганлар, унга шижоатлантирадиганлар, уларни ҳақдан тўсадиганлар, уларни ботилга ундайдиганлар иблиснинг лашкарларидир. Одамларнинг гуноҳи ундайларнинг гарданида бўлади.
Қиёматда кишилар ўз гуноҳларига сабр қила олишмайди. Ўзгалар гуноҳини гарданга олишни тасаввур қилаверинг!
Аллоҳ барчамизни гуноҳга эшик бўлиб қолишдан сақласин!

Яқинларингизга ҳам улашинг!
@Abdulbositqoriuz

Сайт  |  Youtube  |  Facebook  |  Instagram