Get Mystery Box with random crypto!

#албатта_ўқинг Намоздан сўнг Қуръон тиловати фазилати Ибода | abdulbositqoriuz

#албатта_ўқинг

Намоздан сўнг Қуръон тиловати фазилати


Ибодатлар орасида энг афзали Қуръони карим тиловатидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларини бунга қизиқтирганлар. Қуръони карим соҳибини шафоат қилади. Шайтон васвасаларидан қўрғон бўлади. Унинг тиловати гуноҳларни ўчирадиган, савобларни кўпайтирадиган энг гўзал амалдир. Аммо кейинги вақтларда намозлардан кейин ўқиладиган Қуръон тиловатини бидъат дейдиган, уни эшитишдан юз ўгирадиган кишилар пайдо бўлмоқда. Тиловат ўқилиб турган ҳолатда одобсизлик билан чиқиб кетаётганлар бўлиб, улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида қилинмаган экан, деган асоси йўқ гапларни айтиб, ўзларини оқлашга уринадилар. Ҳанафий мазҳаби уламолари намоздан кейин тиловат қилиш қандай амал ва унга келтирилган ҳужжатлар, тиловатнинг одоблари қандай бўлиши керак, деган саволларга жавоб бериб ўтганлар.

Энг аввало фиқҳ ва ҳадис китобларида “Намоздан кейинги зикрлар” боби мавжуд бўлиб, уларда намоздан кейин зикр қилиш, Қуръони карим суралари ёки оятларининг тиловати буюрилгани маълум қилинади. Бу далиллар асосида намоздан кейин ўтириб зикрга ёки Қуръон тиловатига машғул бўлиш бидъат амал бўла олмаслигини тушунамиз. Бундан эса бидъат деган фикрга бориш гуноҳ экани маълум бўлади. Ҳадисларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Оиша розияллоҳу анҳони ҳар куни Қуръони карим ҳаққини адо этишга буюрганлар. Буни 200-250 оят ўқишни, ҳатто 100 оят ва “Ихлос” сурасини уч бора ўқиш билан адо этиш, деб тушунтирганлар. Қуръони каримдаги кўпгина суралар ва баъзи оятларнинг фазилати зикр қилинган. Ушбу тиловатнинг Қиёмат куни шафоат қилиши, савоблар кўпайтириб ёзилиши, ҳожатларнинг раво бўлиши, беморларга шифо бўлиши, дуоларнинг ижобат бўлиши, тетиклик ва ақлга мусаффолик бериши ва бошқа кўпгина фазилатлари баён қилинган. Шундай суралардан Ёсин, Фатҳ, Ар-Роҳман, Воқеа, Духон, Мулк, Набаъ, Каҳф ва бошқаларни санаш мумкин. Оятлардан “Ал-Курсий”, Бақара сурасининг охирги икки ояти, Тавба сурасининг охирги икки ояти, Ҳашр сурасининг охирги уч ояти ва бошқалар бор.


Яқинларингизга ҳам улашинг!
@Abdulbositqoriuz

Сайт  |  Youtube  |  Facebook  |  Instagram