Get Mystery Box with random crypto!

Дориси йўқ жаннатларга кетган болам Доридан заҳарланиб вафот | Abdukarim Mirzayev | LIVE 🔴

Дориси йўқ жаннатларга кетган болам

Доридан заҳарланиб вафот этган 18 норасиданинг пок хотирасига бағишлайман...

Мунчоқ кўзи шифтга боқиб ётган болам,
Нигоҳида аччиқ савол қотган болам,
Мурғак жони ўлим таъмин тотган болам,
Кенг дунёни кўзимга тор этган болам,
Дориси йўқ жаннатларга кетган болам.

То томирда шайтон қони оқар экан,
Докторлар ҳам чўнтагингга боқар экан,
Дори дея ичганинг нақ заҳар экан,
Тили чиқмай, аршга оҳи етган болам,
Дориси йўқ жаннатларга кетган болам.

Кечагина юрган эдинг ўйнаб-кулиб,
Бир лаҳзада гулдай юзинг қолди сўлиб,
Aйт, қўлимдан нима келди отанг бўлиб?
То қиёмат бағримни чок этган болам,
Дориси йўқ жаннатларга кетган болам.

Кимдир ёрдам берарми деб гирёнасан,
“Қандай айб иш қилдим”, дея ҳайронасан,
Aжалнингмас, сен бизнеснинг қурбонисан,
Совуқ кунда совуқ қабр ютган болам,
Дориси йўқ жаннатларга кетган болам.

Йўқ, кечирма дорифуруш қаллобларни,
Виждонини пулга сотган жаллобларни,
Очкўзларни, суллоҳларни, каззобларни,
Бутун юртнинг ёқасидан тутган болам,
Дориси йўқ жаннатларга кетган болам.

Дориси йўқ жаннатларга кетган болам...

Отабек Тиллаев