Get Mystery Box with random crypto!

​ Ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдко | Aktam XAITOV | rasmiy kanal

Ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари тақдирландилар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонларига мувофиқ, давлатимиз мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан кўплаб ватандошларимиз фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан мукофотланган эди. Шунингдек, мамлакатимиз билан ҳамкорликни ривожлантиришга қўшаётган катта ҳиссаси учун бир гуруҳ чет эл фуқаролари “Дўстлик” ордени билан тақдирланди.

30 август куни Кўксаройда мазкур мукофотларни топшириш маросими бўлди.
Унда мен ҳам иштирок этдим.

Бугун мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўймоқда, улкан режа ва дастурлар амалга оширилмоқда. Президентимиз мукофотланганларни ана шу ислоҳотларнинг ташаббускорлари, янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлари деб атади.

Ватан равнақи, халқ фаровонлиги учун меҳнат қилган одам ҳеч қачон кам бўлмайди. Бугун сизларнинг олижаноб ва мардона меҳнатингизни халқ муносиб баҳолаяпти, давлатимиз қадрлаяпти. Ҳамма сизларга ҳавас билан қарайди, – деди Президент.

Маҳаллага тушиб, ишларни манзилли ташкил этиш – давлат идоралари фаолиятининг мезонига айланди. Маҳалла фаоллари бу ислоҳотларга қанот бўлмоқда. Хотин-қизлар юртимиздаги демократик жараёнларнинг, халқчил ислоҳотларнинг фаол ва ташаббускор иштирокчисига айланиб бораётир.

Мард ва жасур ҳарбийлар мамлакатимиз сарҳадларини ҳимоя қилиш, эл-юртимизнинг тинчлиги ва осойишталигини сақлаш йўлида фидокорона хизмат қилмоқда.

Мен сизларни ўзимнинг энг яқин маслакдошларим, сафдошларим деб биламан. Барчамиз аҳил ва ҳамжиҳат бўлиб, садоқат билан меҳнат қилиб, янги Ўзбекистонни яратаётганимиз билан фахрланамиз. Халқимизга, сизлар каби мард ва шижоатли юртдошларимизга ишониб маррани катта олдик. Биз учун биттаю битта тўғри йўл, ягона мақсад бор: у ҳам бўлса, кўпмиллатли халқимиз, жонажон Ўзбекистонимиз манфаати йўлида хизмат қилишдир. Мана шу қутлуғ йўлда барчангизга омад ва муваффақиятлар ёр бўлишини тилайман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шундан сўнг, давлатимиз раҳбари мукофотларни тантанали равишда топширди. Давлат мукофотига сазовор бўлганларнинг 44 нафари партиямиз фаоллари бўлгани бизга қувонч бағишлайди.

Ҳар қандай мукофот бу аввало, эл-юрт эътирофи, Ватан ишончидир. Бугун кўксингизда ярақлаб турган орден ва медаллар барчангизга буюрсин, сизларни янги ютуқ ва марраларга чорласин. Илоҳим, мана шундай хурсандчилик кунларимиз кўп бўлсин! Юртимиз тинч, осмонимиз доимо мусаффо бўлсин, – дея тилак билдирди Президентимиз.

Мукофотланганлар юксак эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

@a_xaitov