Get Mystery Box with random crypto!

Шу йилнинг 29 август куни давлатимиз раҳбари иштирокида Урганч | Aktam XAITOV | rasmiy kanal

Шу йилнинг 29 август куни давлатимиз раҳбари иштирокида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди ёдгорлик мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлди.

Мамлакатимиз раҳбари ўз нутқида саркарданинг шахсияти, тарихда тутган ўрнини алоҳида эътироф этди.

Жалолиддин Мангуберди эл-юрт истиқлоли учун курашган, шу йўлда азиз жонини қурбон қилган аждодларимизнинг буюк намояндасидир. Она юртга муҳаббат ва садоқат, ор-номус ва шон-шараф бобида Жалолиддин Мангубердига тенг келадиган улуғ шахслар дунёда камдан-кам учрайди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, бу улуғ аждодимизнинг хотираси абадийлаштирилди. Таваллуд саналари муносиб нишонланди.  Давлатимизнинг юксак мукофотларидан бири – Жалолиддин Мангуберди ордени таъсис этилди. Улуғ саркардага муносиб ватанпарвар ўғлонларни тарбиялаш мақсадида Урганч шаҳрида Жалолиддин Мангуберди номида ҳарбий академик лицей ташкил этилди.

Хоразм марказида барпо этилган ёдгорлик мажмуаси шундай тарихий ишлардан биридир. Бу ташаббусни Президентимиз 2018 йилда илгари сурган эди. Ҳайкалнинг жойи, кўриниши ва мазмуни тарихчи олимлар, санъатшунослар ва қурувчилар иштирокида чуқур муҳокама қилинди. Давлатимиз раҳбари уни қурилиш мобайнида ҳам бир неча бор келиб кўрди.

Шу тариқа, бўйи 25 метрни ташкил этадиган маҳобатли ҳайкал барпо этилди. Унда Жалолиддин Мангуберди тулпор жиловини маҳкам тутиб, эл-юрт ҳимоясига отланиб тургани тасвирланган.

Султоннинг қатъиятли, мағрур сиймосида келажакка катта ишонч билан интилаётган халқимизнинг ватанпарварлиги, букилмас иродаси ўз ифодасини топган.

Ҳайкал олдида Жалолиддин Мангуберди битиктошининг нусхаси ўрнатилди. Эрон ҳудудидан топилган, оғирлиги 32 килограмм, баландлиги 30 сантиметр бўлган бу тошда Қуръони карим оятлари, Жалолиддин Мангубердининг шажараси ёзилган. Унинг асли ҳозирги кунда Лондондаги машҳур Британия музейида сақланади. Бу ҳам буюк аждодимизнинг жаҳон тарихидаги беқиёс шуҳратидан далолат беради.

Фидойи олим ва адибларнинг илмий-ижодий изланишларини қўллаб-қувватлаш, Жалолиддин Мангубердининг қаҳрамонлик тарихини тўлақонли ёритиб берадиган илмий энциклопедия яратиш муҳим вазифа экани қайд этилди.

Чақмоқдек қисқа умри мобайнида ўзбек халқига хос бўлган Ватанга чексиз муҳаббат ва садоқат, юксак ҳарбий салоҳиятни намоён этиб яшаган Жалолиддин Мангуберди каби буюк аждодларимиз билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак, арзийди. Ишонаман, орадан йиллар, асрлар ўтади, Султон Жалолиддин ҳамиша юртимизни кўз қорачиғидай асраб-авайлаш, унга фарзандлик меҳри, иймон-эътиқод билан хизмат қилишнинг ўчмас тимсоли бўлиб қолади, – дея таъкидлади Шавкат Мирзиёев.

@a_xaitov